Баҳорнинг даракчиси бойчечак бўлса, байрамлар дебочаси 8 март. Буни қарангки, бойчечак қалбга илк баҳорий туйғуларни жо қилса, аёллар билан бошланажак байрам ҳам кўнгилни тоғдек кўтарар экан.
Буюклар айтганидек, аёлга ҳар қанча таъриф берилмасин, на тилнинг ва на сиёҳнинг адоғи кўринади. Бугун Аму- Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида бўлиб ўтган «Сен қуёшга тимсолсан - аёл» деб номланган тадбирда ҳам хотин-қизлар эътироф этилди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан бошқарма бошлиғининг ўринбосари Бахром Бўриев , тизимда фаолият олиб бораётган барча мунис аёл ва қизларни нафосат байрами билан табриклаб, сув хўжалигида аёлларнинг тутган ўрни ва ҳамиша эътиборда эканликларини гапириб ўтдилар. Шунингдек байрам тадбири- гўзал опа-сингилларимизни мадҳ этувчи шеър ва табрикларга уланиб кетди.
Тақдим этилган ташаккурнома, гулдасталар ва касаба уюшмасининг эсдалик совғалари жамоа хотин-қизлари қалбини қувончга тўлдирди.

