ИЖРО ИНТИЗОМИ ВА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

ИЖРО ИНТИЗОМИ ВА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Аму–Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Шаҳрисабз туманидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси маъмурий биносида ижро интизомига риоя этиш ҳамда сув ресурсларидан тежамкор ва самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Семинар Сув хўжалиги вазирлиги вакили А. Убайдуллаев раислигида ўтказилиб, унда соҳада фаолият юритаётган масъул ходимлар ва мутахассислар иштирок этдилар.

Тадбир давомида ижро интизомини мустаҳкамлаш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, шунингдек сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, сувни тежашга қаратилган замонавий технологияларни жорий этиш, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари юзасидан фикр алмашилди.

Семинар доирасида иштирокчилар тумандаги “Ўзбекистон ҳудуди”да жойлашган Сатторов Достонбек фермер хўжалигида бўлиб, мазкур хўжаликда жорий этилган сув тежовчи технологиялар билан яқиндан танишдилар. Мутахассислар томонидан фермер ва сув истеъмолчиларига сувни тежаш технологияларини жорий этишнинг аҳамияти, унинг амалий самараси, шунингдек ушбу йўналишда давлат томонидан берилаётган имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида атрофлича маълумот ва тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар тингланиб, соҳада ижро интизомини янада мустаҳкамлаш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.