Қашқадарёда 11 та мелиоратив лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда

Қашқадарёда 11 та мелиоратив лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда

Қашқадарё вилоятида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида жорий йилда 11 та лойиҳа асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Вилоятда мавжуд 524 минг гектар суғориладиган майдонларга хизмат кўрсатувчи коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишлари доирасида 561,2 км очиқ коллекторлар ҳамда 229 км ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларини ювиш режалаштирилган. Шунингдек, 53 та сув ўлчаш постлари ва 461 та кузатув қудуғини таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилади.

 

Бугунги кунда мазкур тадбирларни амалга ошириш учун тендер савдолари орқали лойиҳачи ташкилотлар аниқланиб, ҳудудларда лойиҳа-қидирув ишлари жадал олиб борилмоқда.

 

Мелиоратив экспедицияси ва туман мелиоратив участкалари мутахассислари томонидан лойиҳачи ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар назоратга олинган бўлиб, белгиланган муддатларда якунлаш чоралари кўрилмоқда.

 

Амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида Ғузор, Қарши, Косон, Муборак, Қамаши, Миришкор, Нишон ва Касби туманларидаги жами 20 минг 54 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Аму-Қашқадарё ИТҲБ матбуот хизмати